Совет: пользуйтесь поиском! но если вы не нашли нужный материал через поиск - загляните в соответствующий раздел!
 
Сдал реферат? Присылай на сайт: bankreferatov.kz@mail.ru

 Опубликуем вашу авторскую работу в Банке Рефератов     >> Узнать подробности...

Банк рефератов

бесплатные рефераты, сочинения, курсовые, дипломные, тесты ЕНТ

155319

Учебная программа по предмету «Узбекская литература» для 10-11 классов

Типовая учебная программа по предмету «Узбекская литература» для 10-11 классов естественно-математического  направления уровня общего среднего образования

1. Тушунтириш хати

1. 10-11-синфлар учун мўлжалланган “Ўзбек адабиёти” фанининг ўқув дастури Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 23 август 2012 йилги №1080 қарорига биноан тасдиқланган Давлат умуммажбурий таълим стандартига асосан, программа ижодий имкониятларни ривожлантириш ва тарбияли билим бериш,системалилик,дарс принциплари асосида тузилган.

2.  Ижтимоий ҳаётда содир бўлаётган ўзгаришлар туфайли кишиларнинг дунёқарашида ҳам туб ўзгаришлар юзага кела бошлади. Жамиятимиз одамларининг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари ҳам янгиланди. Шунинг учун ҳам бугунги кунда Қозоғистон Республикасига уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантирувчи пухта билимга эга, сиёсий иқтидори юқори, тафаккури чуқур, онг-савияси ўткир бўлган комил шахслар керак. Бу вазифаларни амалга ошириш адабий таълим олдида турган энг долзарб вазифа ҳисобланади.

3. Бадиий адабиёт тарбияланувчиларга адабиёт бўйича қандайдир билимлар мажмуини сингдириш учун ўқитилмаслиги, балки жозибали бадиий сўз воситасида ўқувчиларнинг ҳиссиётларига таъсир қилиш орқали уларнинг маънавий қиёфасини шакллантириш йўли билан болаларни комил инсон бўлиш сари етаклаши мақсад эканлиги эътиборда бўлиши лозим.

4. Адабиёт, шунингдек, фалсафий категория. Шунинг учун у қай даражада бўлмасин, халқнинг тарихий-ижтимоий ҳаётини ифодаловчи, уни баён этувчи, миллий ғурурини шакллантирувчи, янгиланиш жараёнида асосий роль ўйновчи тарихий жараён. Адабиётда бадиий сўзнинг роли жуда катта, чунки илғор фикрларни ҳам, аччиқ ҳақиқатни ҳам дастлаб бадиий сўз билан ифодаланиши бизга маълум.

5. Мактабдаги адабиёт курси ўз вазифасини адабиёт билан санъат соҳаларининг тараққиётига асосланиб, шакл ва мазмун, анъана ва янгилик бирлигини сақлаган ҳолда бажаради.

6. Мазкур ўқув дастурини тайёрлаш жараёнида эътиборга олинган асосий мақсад ҳамда вазифалар айнан шундан иборатдир. Адабиёт аввалги ўқув дастурларда ғоявийлик циклидаги фан бўлиб қаралган бўлса, ҳозирги кунда эстетикага хос фан сифатида талқин қилинмоқда. Чунки адабиёт инсоннинг ички дунёсини, турмуш ҳодисаларини, табиат билан муносабатини, унинг инсонпарварлик туйғуларини жонли тилда ифодалаб, эстетик тафаккурларини шакллантиради.

7. Ушбу дастурда ўрганилиши кўзда тутилган асарлар бадиий қиммати ва ўқувчиларнинг ёши, руҳий имкониятлари ҳамда ақлий ривожланиш даражаларига мослиги ҳисобга олинган ҳолда танлаб жойлаштирилди. Берилган бадиий асарлар жанрига қараб адабиёт назариясидан маълумотларни ўрганиш ҳам дастурда ўз аксини топган.

8. Адабиёт фанининг дастури – расмий ҳужжат. У адабиётшунослик илмининг ички талаблари негизида, педагогик, методологик асосда бошқа фанлар билан боғланиши назарда тутилиб тайёрланган дастур мунтазам тўлдирилиб, янгиланиб, такомиллашиб боради. Дастурнинг мактабда, мактабдан ташқари вақтларда адабиётларни ўқитиш билан синфдан ташқари ишларни юритишга оид тавсиялари, режалаштирилган соатлар сони, методик манбалари бор. Дастурни ўқитувчиларнинг ижодий ёндашиб такомиллаштиришига ҳуқуқи чекланмайди.

9. Табиий-математик йўналишнинг 10-11-синфлари учун тузилган “Ўзбек адабиёти” фанининг дастури таълимнинг янги талабларига мос мазмунда, тузилиши ва методик жиҳатдан янгиланган ҳолда тавсия қилинмоқда.

10. Асосий ўрта мактабни тугатган ўқувчилар танлов йўналишига қараб ихтисосли синфларда ўқишни давом эттирадилар. Бу синфларда ўқувчиларнинг иқтидори, қобилияти ҳамда қизиқувчанликлари имконияти борича ҳисобга олинади. 10-11-синфлар дастури ихтисосли мактаб шароитида икки йўналишда ўқитишга мослаштирилган:
1) ижтимоий-гуманитар йўналиш;
2) табиий-математик йўналиш.

11. Базавий даражанинг 10-11-синфлари дастури адабий-назарий билим ва малакаларини қўллай оладиган ўқувчилар учун тузилган.

12. Ижтимоий-гуманитар йўналишдаги мактаблар дастурда кўрсатилган адабий таълим мазмунини тўлиқ ўқийди, табиий-математик йўналишдаги мактаблар эса дастурнинг мазмуний тузилишини тўлиқ сақлайди, бироқ мавзуларнинг ички маъносини чуқур очишни мақсад қилиб қўймайди. Масалан, белгили бир муаллиф тўғрисидаги асосий маълумот, муаллифнинг ўзбек адабиётида тутган ўрни, асосий берилган асари ҳафталик соатлар кўламида ўрганилади, дастурдаги бошқа мавзулар обзор тариқасида берилади.

13. “Ўзбек адабиёти” дастури қандай йўналишдаги мактаб учун тузилмасин, у фаннинг асосий вазифасини амалга оширишга йўналтирилади ҳамда давлат таълим стандартида белгиланган таълим мазмуни билан таълим натижасининг режалаштирилган тури – ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларига қўйиладиган талаблар асосини мажбурий равишда сақлайди.

14. Умумий мажбурий таълим бериш давлат стандартига мос “Ўзбек адабиёти” фани “Тил ва адабиёт” билим бериш соҳасига киради. Бу билим бериш соҳасининг мақсади – ўқувчининг тил ва бадиий сўз ҳақидаги тушунчаларини кенгайтириш, дунёвий ҳақиқатни англатиш ҳамда уларнинг функционал саводхонлиги билан прагматик қобилиятларини такомиллаштириш ҳисобланади.

15. 10-11-синфлардаги “Ўзбек адабиёти” фани фақат машҳур ижодкорларнинг асарларини эмас, балки ХІХ-ХХ асрнинг атоқли адибларининг ижодини, шу билан бирга мустақиллик йилларидаги адабиёт билан қозоқ адабиёти ҳамда жаҳон адабиётининг намуналарини ўқитишни назарда тутади.

16. “Ўзбек адабиёти” ўқув  фанининг 10-11-синфлари таълим мундарижасига адабиёт назарияси, адабиётшунослик соҳалари, адабий оқимлар билан йўналишлар, бадиий асарни таҳлил қилиш методлари, адабий асарнинг моҳияти, миллий маданият, адабиёт ва бадиий ҳақиқат, адабиётнинг бошқа илмлар билан ўзаро алоқаси, ҳозирги адабиётдаги муаммоли масалалар, китобхон маданияти, сўз санъати ва ижодий жараён, ижодкор услуби асос қилиб олиниб, бадиий ижодкорлик ҳақида тизимли тушунча шакллантирилади.

17. 10-11-синфларнинг ўқув дастурида синфда ўрганиладиган мавзулар билан бирга мустақил ижодий изланишга бағишланган асарлар ҳам кўрсатилган.

18. “Ўзбек адабиёти” фани давлат таълим стандартида берилган билим мазмуни билан ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакалари билан компетенциялик туридаги кутиладиган натижаларига эришиш талабларини бажаради, шу билан бирга фанни ўқиш-ўрганиш орқали ўқувчилар халқимизнинг миллий қадриятларини сўз санъати сифатида қабул қилишга зарур бўлган билим, кўникма ва малакаларга эга бўлади.

19. 10-11-синфлардаги “Ўзбек адабиёти” фани бўйича бериладиган билим мазмунини амалга оширишда илмийлик, изчиллик, ҳамкорлик, фанлараро боғланиш, системалилик каби дидактик принциплар асос қилиб олиниб, ўқувчиларнинг иқтидори эътиборга олинади. Ўқитишнинг барча босқичларида давомийлигини топа оладиган ҳамкорлик принципи фан бўйича билим мазмунини ўзлаштиришнинг методик қоидаларида кўринади.

20. Дастурнинг илгаригиларидан ўзига хос фарқли томонлари ўқувчиларнинг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар базавий даража бўйича фан, шахсий ва изчил-фаолиятли натижалар сифатида сараланиб берилди.

21. Умуман олганда, “Ўзбек адабиёти” фанининг умумий ўрта таълим бериш учун тузилган ўқув дастури фаннинг мақсади, мазмуни, ўқитишнинг барча талаблари тўғрисида, шу билан бирга, ушбу фаннинг ўқувчиларни тарбиялаш билан ривожлантиришдаги роли тўғрисида ахборий-методик хизмат кўрсатади.

22. Тавсия этилаётган дастур адабий таълим мазмуни тўлиқ қамраб, ўқувчиларнинг натижали билим олишига барча имкониятларни яратади. Ўқув дастурини тайёрлаш жараёнида қуйидаги шартларга асосланилди:
асарнинг ғоявий-бадиий мазмунининг юқорилиги;
асарнинг ёзилган даври учун ҳам, ҳозирги давр учун ҳам тарихий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлиши;
ўқувчиларнинг ҳис-туйғуларини, дунёқарашини, қизиқишини, инсоний-эстетик фикрини бойитадига кучга эга, тарбиявий аҳамияти кучли бўлган асар бўлиши;
4) бадиий асар тилининг ўзига хослиги, этнолингвистик имконияти ва ўқувчилар тилига яқин бўлиши, тушунарлилиги.

23. “Ўзбек адабиёти” фанини ўқитишнинг бош мақсади:
она юртини севадиган ватанпарвар, халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарликни англайдиган ҳамда уни мустаҳкамлашга ўз улушини қўша оладиган байналмилал мард инсонларни тарбиялаш;
бадиий матнни ҳис қила оладиган, тафаккур даражалари юксак, бадиий адабиётни қизиқиб ўқийдиган, юксак китобхонлик маданиятини эгаллаган, адабиётнинг бошқа фанлардан ўзга томонлари билан ажралиб туришини биладиган ёшларни тарбиялаш;
бадиий адабиётнинг тур ва жанрларини фарқлаб, асар мазмунини ўзлаштириш учун зарур бўлган адабий-назарий тушунчаларни эгаллашга йўналтириш.

24. “Ўзбек адабиёти” фанини ўқитишнинг вазифалари:
бадиий  асар орқали ўқувчилар онгига бадиий сўз қудратини, нафосат ва ахлоқий тарбияни сингдириш;
ўқувчиларга адабиётни санъатнинг бир тури эканлигини танитиб, адабий билим мазмунини изчил ўзлаштиришини ташкил этиш;
адабиётнинг миллий ўзига хослигини, асарлардаги урф-одатлар, анъаналарнинг бадиий ифодасини, бадиий асарнинг ғоявий мазмунини англатиш;
ўқувчиларнинг бадиий ижод қилиш, образли ўйлаш қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг сўз санъатини руҳий қадрият сифатида қабул қилишига имконият яратиш;
ўй-фикрларини эркин, равон нутқ билан етказа олиш, адабий-назарий билимларини ёзма ишларда саводли татбиқ эта олиш малакаларини шакллантириш.

25.Фанлараро боғланиш ўқувчи дунёқараши даражасини орттириб, ўз адабиётидан бошқа илм соҳаларини ўзлаштириш мақсадида фойдаланишга имконият яратади.

26.“Ўзбек адабиёти” фанини тарих, этнография, рухшунослик, география, ўз-ўзини таниш, қозоқ адабиёти, рус адабиёти каби фанлар билан боғлаш орқали ўқувчиларга мамлакат тарихи, тарихий давр, тарихий жараён, халқ маданияти, санъати, урф-одатлари ҳақида маълумот берилади. Шу билан бирга улар ўртасидаги ўхшашлик ва фарқлар, асар қаҳрамонлари, хатти-ҳаракатлари орқали уларнинг руҳий оламини талқин этишга ўргатиш, ахлоқ нормаларига боғлаб ўз ва ўзгалар ҳаракатига баҳо бера оладиган етук, баркамол шахслар тарбиялашга эътибор қаратилади.
1) “Ўзбек тили” билан: ўқувчиларга бадиий адабиёт матнларидан услубнинг турларини, кириш сўзларни, архаизм, янги сўзларни топишга йўлланма берилади. Улар гапларнинг грамматик меъёрларга мослигини, тузилишини ўрганади. Бадиий асарлардаги қаҳрамонлар нутқини ўрганиш жараёнида ўқувчиларнинг сўз бойлиги ортади, ўзбек тилининг гўзаллиги, бойлиги, нафислиги, серқирралиги ҳақида маълумотларга эга бўладилар.
2) “Қозоғистон тарихи” билан:адабий воқеаларни тарихий факторлар билан чамбарчас боғлиқликда бўлишини тушунишга, тарихий фактларни ўринли фойдаланиб, мустақил хулосалар чиқаришга йўл очади. Масалан, қадимги адабий ёдгорликлар ҳақида маълумот беришдан олдин Исломгача бўлган давр, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий ижоди таҳлил қилинишидан олдин эса “VIII-XII асрлар адабиёти” мавзусидаги лекциялар уюштирилиб, тарихий шарт-шароит ҳақида маълумот берилиши керак. Негаки, бу даврга келиб, туркий адабиётнинг образлар тизимида ҳам, адабиёт жанрларида ҳам, бадиий тилида ҳам, Ислом кириб келиши билан кескин ўзгаришлар рўй берган.  ХХ аср адабиётининг намояндалари ва уларнинг ижоди ҳақида маълумот берилганда, 30-50-йиллардаги тарихий шароит ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш зарур.
3) “Мусиқа” билан: мусиқа – ҳаётимизда катта ўрин эгаллаган санъат турларидандир. У ўқувчиларда адабиётга, меҳнатга, гўзалликни яратишга ҳавас, қизиқиш ҳиссини тарбиялашда муҳим роль ўйнайди. А.Навоий, Муқимий, Фурқат, Ҳамза, Ҳамид Олимжон каби шоирлар лирикасини ўрганишда ушбу шоирларнинг шеърларига куй басталаниб, яратилган қўшиқлар, симфоник поэмалардан, опералардан парчалар эшиттириш мақсадга мувофиқ.
“Тасвирий санъат” билан: маълумки, адабиёт дарсларида тасвирий санъат асарларидан турли мақсадларда – ўрганилаётган асар ва улардаги тимсолларни ўрганиш, ўқувчиларнинг маданий ва эстетик дунёқарашини ривожлантириш, маънавий дунёсини бойитишда фойдаланилади.
Табиий-математик фанлар билан: ушбу йўналишда бериладиган материаллар табиий-математик фанлар билан ўзаро боғлиқликда бўлганидан ўқувчилар дунёқарашини ўзгартиради.

2. Ўқув фанининг базавий мазмуни

27. 10-синф (ҳафтасига 2 соатдан, жами 68 соат):
1) кириш (1 соат). Бадиий адабиётнинг жамият ҳаёти билан боғлиқ ва ўзига хос жиҳатлари;
2) халқ оғзаки ижоди (3 соат). Халқ оғзаки ижоди намунаси бўлган асарларга хос белгилар.“Малика айёр” достони. Достонда асл эътиқод, эзгу ният ғолиб чиқиши, ўзини Ҳақнинг йўлига бағишлаган одамларнинг муродига етишининг тасвирланиши.  Достондаги тимсоллар. Халқ достонлари. Халқ қўшиқлари. Уларнинг қадимий жанр эканлиги ва ўзига хос хусусиятлари;
3) исломгача бўлган даврдаги туркий адабиёт  (1 соат). Қадимги адабий ёдгорликлар. Исломгача бўлган адабий ёдгорликларнинг илмий-маърифий аҳамияти.
4) ислом таъсири давридаги туркий адабиёт (8 соат). VIII ва XIV асрлар адабиёти. Туркистонда Ислом маданиятининг ёйилиши. Туркий халқлар учун муштарак бўлган қомусий олимлар ва уларнинг ҳаёти ҳамда фаолияти.  Юсуф Хос Ҳожиб ҳаёти ва ижоди, “Қутадғу билиг” асари. Асарнинг катта бадиий маҳорат билан ёзилганлиги, унда теран фикр ва ғояларнинг юксак санъаткорлик билан ифода этилганлиги. А.Югнакий ҳаёти ва ижоди, “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асари. Асарда билимнинг таърифланиши.  Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди, “Девони ҳикмат” асари. Ҳикматлар бадиияти. Ҳикматларнинг комил инсон тарбиясидаги аҳамияти.
5) уйғониш даври ўзбек адабиёти (23 соат). Атойи ҳаёти ва ижоди. Ғазаллари. “Жамолинг васфини...”, “Сочинг чун...”, “Ҳажрингда бегим...”, “Менгиз ё равзаи...” ғазаллари. Атойи ғазалларида дунёвий ва тасаввуфий йўналишнинг акс этиши. Саккокий ҳаёти ва ижоди. “Эй жон...”, “Ким эрмас...” ғазаллари ва уларда шоир истеъдодининг намоён бўлиши. “Жаҳондин кетти...” қасидаси ва Улуғбек тимсолининг тасвирланиши;
6) лутфий ҳаёти ва ижоди. “Жоним чиқадур...”, “Кўргали лаълинг...” ғазаллари ва уларда муҳаббат шукуҳининг тараннум этилиши;
7) Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди. “Ёрдин айру кўнгил...”, “Кўргали ҳуснингни...”, “Жунун водийсиға...”, “Кимга қилдим...” ғазалларида ишқ тасвири. Бошқа лирик жанрлардаги асарлари. “Хамса” достони. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ва ижоди. “Шайбонийнома” достони. Достоннинг бадиий қурилиши, мазмун йўналиши. Унинг ўзбек адабиётидаги биринчи ёзма жангнома эканлиги. Достоннинг персонажлар тизими;
8) Хожа ҳаёти ва ижоди. Ўзбек насрининг дастлабки машҳур вакилларидан эканлиги. Ҳикоятларида адиб қарашларининг жонли бадиий тимсоллар воситасида тасвирланганлиги;
9) Туркий адабиёти вакили. Бобур ҳаёти ва ижоди. Бобур лирикаси. “Хазон япроғи янглиғ”, “Баҳор айёми”, “Ғурбатта ул ой...”, “Яна” ғазаллари ва уларда табиат манзараси, шоир руҳий дунёсининг қиёси. Ватан иштиёқи, ғурбат изтиробининг ёрқин ва бетакрор ифода қилиниши. Бобур рубоийларида нозик таъб инсон руҳий ҳолатларининг тасвирланиши;
10)  Хонликлар даври ўзбек адабиёти (16 соат). XVII асрдан XIX асрнинг биринчи ярмигача бўлган даврдаги адабиёт. Бу даврдаги оғзаки ва ёзма адабиётида танқидий йўналиш, исёнкорлик оҳангларининг кучайганлиги. Адабиётда халқчиллик белгилари ва ҳажвиётнинг ривожланиши ўртасидаги боғлиқлик. Турди Фароғий ҳаёти ва ижоди. “Субҳонқулихон ҳақида ҳажвия” асари. Шоир ҳажвиётининг бугунги эрк, мустақиллик ғояларига ҳамоҳанглиги. Шоир асарларининг тили, услуби ва бадиий хусусиятлари. Машраб ҳаёти ва ижоди. Шоирнинг шеърий мероси. “Бу тани ҳокинию...”, “Қайдасан” радифли ғазали, “Ишқ мазҳабига...”, “”Дунёға келиб...”, “Малаксан ё башар...”, “Кўрсат жамолинг...” ғазалларида дунёни сўфиёна бадиий идрок этиш. Машраб ва тасаввуф. Нодира ҳаёти ва ижоди. “Айру”, “Талх”, “Дуд”, “Дода келдим...”, “Эҳтиёж”, “Кел даҳрни...” ғазалларида теран инсоний туйғуларнинг акс этиши, шоира поэтикасига хос хусусиятлар. Огаҳий ҳаёти ва ижоди. “Устина”, “Эй шўх...”, “Ваҳки айлаб...”, “Ашкима гар...”, “Даврондин агар...”, “Кишиким фақр кўйида...”, “Эй кўнгул...”, “Мулку миллатга...” ғазаллари ва уларда комиллик йўлига кирган инсонларга, аҳли тариқатга хос фазилатларнинг тасвирланиши. Бу ғазалларда орзу-армон оҳангларининг устуворлиги;
11)  Қозоқ адабиёти (3 соат). Абай ҳаёти ва ижоди, ўланлари. Шоир шеърияти сув ичган булоқлар. Абай ижодида комил шахс – тўла одам тушунчасининг ўрни. Шоир шеъриятида энг ички ва нозик туйғуларнинг халқона ҳамда жозибали берилиши;
12)  Жаҳон адабиёти (5 соат). Фузулий ҳаёти ва ижоди. “Мани жондан...”, “Паришон ҳолинг...” ғазаллари ва уларда ошиқ образига хос комиллик сифатларининг акс этиши. “Лайли ва Мажнун” достонида муҳаббат тараннуми.
Шекспир ҳаёти ва ижоди. “Ҳамлет” фожиаси. Фожиада инсонларга доир азалий муаммо: поклик ва нопоклик, тўғрилик ва эгрилик, олижаноблик ва ёвузлик, муҳаббат ва хиёнат муаммоларининг жонли одамлар ҳаёти мисолида таъсирли акс эттирилиши.

28. 11-синф  (ҳафтада 2 соатдан, жами 68 соат):
1)  маърифатчилик адабиёти (4 соат). Янги ўзбек адабиёти ҳақида тушунча, унинг ўзига хос хусусиятлари. Маърифатчилик ва жадид адабиётини юзага чиқарган ижтимоий-эстетик ва маърифий омиллар;
2)   муқимий (2 соат). Муқимий ҳаёти ва ижоди. Муқимий лирикаси. Муқимий ҳажвияси. Муқимийнинг XIX аср иккинчи ярми ўзбек адабиётининг энг машҳур вакилларидан бири эканлиги. Ижодий мероси. “Навбаҳор”, “Ошиқ бўлибман” шеърларида баҳор, ҳаёт, тириклик, яшариш ҳолатларининг куйланиши;
3) Фурқат (2 соат). Фурқат ҳаёти ва ижоди. Фурқат лирикаси. Ғазаллар. “Сайдинг қўя бер, сайёд”  мусаддаси. Фурқатнинг маърифатчилик адабиёти асосчиси ва машҳур лирик шоир эканлиги. Фурқат ижодида ватан, айрилиқ, эрк ва озодлик оҳанглари;
4) жадид адабиёти (17 соат). XIX аср иккинчи ярмидан ўзбек бадиий тафаккури тарзида жиддий эврилишлар жараёни бошланган. Жадидчилик ҳаракати ва адабиётининг пайдо бўлиши. Миллатнинг бадиий тафаккур тарзида туб ўзгаришлар юз берганлиги. Мустақиллик туйғусининг ўзбек адабиётида инсон эркига, миллий ўзликни англашга ташналик тарзида намоён бўлганлиги;
5) Фитрат (4 соат). Фитрат ҳаёти ва ижоди. Фитрат шеърияти. “Миррих юлдузига”, “Яна ёндим” шеърлари. Фитрат – драматург. “Абулфайзхон” фожиаси. Фитратнинг илмий мероси. Фитрат миллий уйғониш даврининг жарчиси сифатида.фитратнинг ўзбек адабий тилини шакллантириш ва шеър тузилишини ислоҳ этишдаги хизмати;
6) ҳамзанинг ҳаёти ва ижоди (3 соат). Ҳамза драмалари. “Бой ила хизматчи” драмаси. Ҳамзанинг адабий мероси. Ҳамза миллий уйғониш даврининг намояндаси сифатида. “Бой или хизматчи”  драмасида  эзгулик ва зулм кучларининг кескин ва муросасиз тўқнашувлар фонида акс эттирилиши;
7) Абдулла Қодирий (5 соат). Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди. Қодирийнинг қисса ва ҳикояларида аср бошларидаги  халқ ҳаёти ва тафаккур даражасининг ифодаланиши. “Ўткан кунлар” романи ўзбек бадиий насрининг етук намунаси эканлиги. Унда ўзбек миллатига хос турфа сифатларнинг жонли образлар тақдири мисолида жуда таъсирчан ҳамда юқумли акс эттирилганлиги;
8) Чўлпон (5 соат). Чўлпон ҳаёти ва ижоди. Чўлпон – маърифатчи. “Халқ”, “Кишан” шеърлари. Чўлпон лирикасида лирик қаҳрамон руҳий оламининг теран ва ички тасвирланиши. “Кеча ва кундуз” романида ўзбек халқи ҳаётининг энг мураккаб ва оғир даври тасвир этилганлиги. Маърифатсизлик, бирикмаслик иллатлари инсонларнинг нафақат ижтимоий, балки шахсий тақдирига ҳам кучли салбий таъсир кўрсатганлиги ифодаси;
9) Ғафур Ғулом (3 соат). Ғафур Ғулом ҳаёти ва ижоди. Шоир лирикаси. Ғафур Ғуломнинг фалсафий-тарихий, ижтимоий-сиёсий тушунча ва вазиятларни лирик шеър қатига жойлай олиш маҳорати.  Адиб  ҳикоячилигининг ўзига хослиги, уларда ҳажвий руҳ ва халқона оҳанглар. Адабиёт назарияси: ҳикоя жанри ҳақида. Нутқ ўстириш: “Билиб қўйки, сени Ватан кутади” мавзусида суҳбат. Фанлараро боғланиш: ўзбек тили, тарих, мусиқа. Мустақил ўқиш:  “Йигитларга” шеъри;
10) Ойбек (4 соат). Ойбек ҳаёти ва ижоди. Шоир лирикаси ва унинг ўзига хос хусусиятлари.  Ойбек романлари. “Қутлуғ қон”романида миллат ижтимоий турмуши ва онгида рўй бераётган ўзгаришларнинг муайян кишилар тақдири мисолида кўрсатилиши;
11) Абдулла Қаҳҳор (5 соат). Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижоди. Адиб ҳикоячилиги ва уларда носоғлом ахлоқий кўринишларнинг ҳажвий йўсинда акс эттирилганлиги. “Сароб” романи. Романда ўзбек халқи ҳаётидаги энг мураккаб даврнинг муайян инсонлар ҳаёти асносида тасвирланиши;
12) Ҳамид Олимжон (3 соат). Ҳамид Олимжон ҳаёти ва ижоди. Шоир лирикаси. Ижодкор шеърларининг бадиийлиги, ўзига хослиги, уларнинг оҳанг жиҳатидан халқ достонларига яқинлиги. “Муқанна” драмасида босқинчиларга қарши курашнинг алоҳида жонли шахслар тақдири мисолида кўрсатилиши;
13) Миртемир (2 соат). Миртемир ҳаёти ва ижоди. Шоир лирикаси ва унда халқона руҳ ва жонли  тил ифодаси. Шоирнинг милиий психологияни нозиклаштириш ва чуқурлаштиришга ҳисса қўшганлиги.  Миртемир достончилигининг ўзига хос хусусиятлари. Фанлараро боғланиш: ўзбек тили, тарих, мусиқа. Мустақил ўқиш:  “Сурат” достони;
14) Одил Ёқубов (4 соат). Одил Ёқубов ҳаёти ва ижоди. Ёзувчи ҳикоя ва қиссалари, драмаларининг ўзига хослиги, улардаги бадиий белгилар: ҳаққонийлик, самимийлик, руҳият тасвири теранлиги. “Улуғбек хазинаси” романида инсон ҳаётининг бурилиш лаҳзаларидаги ҳолатларда кенг эпик кўламда акс эттирилганлиги. Адибни воқеа, муаммо эмас, балки одам ва унинг руҳияти қизиқтириб келганлиги;
15) Пиримқул Қодиров (4 соат). Пиримқул Қодиров ҳаёти ва ижоди. Ёзувчининг қисса ва ҳикояларида юксак маънавий фазилатларга эга тиришқоқ, иродали кишиларнинг қаҳрамон сифатида тасвирланиши. “Юлдузли тунлар” романи. Ёзувчининг тарихнинг ўта мураккаб чигал қатламларини батафсил тасвирлаши. Адибнинг мураккаб ва машаққатли бадиий вазифани шараф билан бажарганлиги;
16) Эркин Воҳилов (3 соат). Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди. Шоир лирикаси ва унда ўзига хос самимийлик ҳамда ифода гўзаллиги. Мумтоз адабий тажрибаларнинг замонавий шеърий воситалар билан вобасталиги.  Эркин Воҳидов достончилиги. “Руҳлар исёни” достони. Достоннинг шоир ижодий қиёфасини тайин этишдаги ўрни. Достон фалсафий, ижтимоий, ривоявий ва тадқиқий йўналишларни ўзида мужассам этган асар сифатида;
17) Шукур Холмирзаев (3 соат). Шукур Холмирзаев ҳаёти ва ижоди. Адибнинг ҳикоячиликдаги маҳорати. “Қора камар” драмаси. Драмадаги Хуррамбек тимсолида чуқур руҳий изтиробни бошидан кечираётган миллатсевар шахс фожиасининг кўрсатилиши. Асардаги миллат, юрт дардидан мутлақо бегона кишилар тасвирида ҳаққонийлик ва таъсирчанликка эришилганлиги;
18) Абдулла Орипов (3 соат). Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди. Шоир лирикасига хос асосий белгилар: самимийлик, ҳиссийлик, куюнчаклик, дардчиллик, ифоданинг сербўёқ ва ширалилиги, тилининг жозибаси.  А.Ориповнинг “Жаннатга йўл” драматик достонида комил инсон, охират, эзгулик, ёмонлик сингари азалий ўлчовларнинг жонли тимсоллар орқали таъсирчан берилиши. Асарда инсон қисматида яхши амаллар тутган ўриннинг ишонарли кўрсатилиши;
19) Рауф Парфи (2 соат). Рауф Парфи ҳаёти ва ижоди. Шоир лирикаси ва унда борлиқ, мавжуд бўлган барча одамларни эмас, алоҳида олинган бир инсон ҳамда унинг ички оламини тасвирлаши;
20) Мухтор Авезов (2 соат). Мухтор Авезов ҳаёти ва ижоди. Ёзувчининг ХХ аср туркий адабиёт тараққиётидаги ўрни. “Абай йўли” эпопеяси. Асарда буюк шоир ҳаёт йўлининг миллат ривожланиш йўли билан туташ ҳолда кўрсатилиши. Шоирнинг маънавий етуклик, адолат, маърифат учун амалга оширган ишларига аҳли жаҳолатнинг қарши туриши ва бунинг сабаблари романда таъсирли очилганлиги;
21) Муҳаммад Ҳодий (1 соат). Муҳаммад Ҳодий ҳаёти ва ижоди. Шоир лирикасида мумтоз шеърият анъаналаридан самарали фойдаланганлиги ва уни давом эттирганлиги. Шоир табиат гўзаллиги ёки муҳаббат туйғуларини тараннум этар экан, усталик билан шеърига ижтимоий-сиёсий оҳанг берганлиги.

3. Билим олувчиларнинг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талаблар

29.  Фан бўйича натижалар:
1) 10-синиф. Билиши керак:
мумтоз адабиёт намунаси бўлган матн маъносини тушуниши ва англаши;
асарлар матни таркибидаги истиора, ийхом, рамз, мажоз сингари санъат турларини аниқлаш ва изоҳлаши;
аруз вазни ўлчовлари, мухаммас, мустазод, мемуар, жангнома, идеал қаҳрамон сингари тушунчаларни фарқлашни ва асарлар талқинида ажрата олишни;
бадиий асарларнинг тасаввуф фалсафасига алоқадор жиҳатларини аниқлашни;
шеърни ифодали ўқишни ва ундаги муҳим санъатларни аниқлашни;
мураккаб маъноли сўзларни изоҳлайдиган луғат юритишни;
турли илмий адабиётлар, луғатлар ва қомуслардан фойдаланишни;
бадиий асар қаҳрамонлари хатти-ҳаракатлари ва туйғуларига ўз муносабатини билдира олишни;
исломгача бўлган даврдан XIX асрнинг биринчи ярмигача тарихимизда юз берган асосий воқеалар ва уларнинг халқ ҳаётига кўрсатган таъсирини билиши керак.
2)11-синф .Билиши керак:
11-синфда ўрганилган асарларнинг ғоявий-бадиий хусусиятлари (қаҳрамонлар, конфликтлар, композицион ва бошқа бадиий усул ҳамда воситалари) ни;
эстетик қимматга эга бўлган асосий бадиий асарларни;
XIX асрнинг иккинчи ярмида ҳозирги даврга қадар бўлган тарихий-ижтимоий шароитнинг асосий босқичлари ва характерли хусусиятларини;
янги даврда шаклланган адабий тур ва жанрларни;
бадиий асарларнинг эстетик нуқтаи назардан филологик таҳлил этишни;
янги давр ўзбек адабиётининг тараққиётидаги асосий босқич ва йўналишларни;
муштарак мавзудаги асарлар ва муштарак қаҳрамонлар образини қиёсий таҳлил этишни;
берилган асарларнинг жанр ва бадиий хусусиятлари билан боғлиқ адабиёт назариясининг асосий масалаларини;
турли илмий адабиётлар, луғатлар ва қомуслардан фойдаланишни.

30.Шахсий натижалар:
1) Кўрсатиши керак:
асар сюжети ва композицияси унсурларини, образлар силсиласи ҳамда тасвирий воситаларининг асар поэтикаси (бадиий қурилмаси) даги ролини белгилай олишини;
адабиёт ўқитиш дастурига киритилмаган бадиий асарлар, видеофильмлар, спектакллар, кинофильмлар ва бошқаларга тақриз ёза олиши ҳамда уларни эстетик таҳлил қила олишини;
оғзаки нутқда асарни таҳлил қилиш, ўз ўйини ўзгаларнинг фикри билан мослаштириш ёки қарши бўлган ҳолатда далиллай билиш малакаларини кўрсатиши керак;
бадиий асарнинг мавзуси ва ғоясини аниқлай олишини;
мустақил ўрганилган бадиий асарнинг қаҳрамонлари ва воқеаларига ўз муносабатларини билдира олишини;
миллий маънавиятга ўрганилган асарлардан аниқ мисоллар келтириб, далиллай олишини;
бадиий асар ёҳуд ундаги муайян назарий масала бўйича маъруза қилиш, реферат, эссе, иншо ёзиш ва шу мақсадда берилган мавзу бўйича режа туза олишини;
ўрганилаётган асар воқелигига асар муаллифининг муносабатини аниқлай олишини.

31. Изчил-фаолиятли натижалар:
1) Қўллай олиши керак:
Қозоғистоннинг ҳамда жаҳон адабий-маданий меросларини билиш, баҳолай олиш, уларни юксак эстетик савияда қўллай олиши керак;
жамият ижтимоий алоқаларида зарурият бўлганда ўзининг фикри ва дунёқарашини билдира олиши керак;
адабий мавзуга маъруза, реферат ёзиш, режа, тезис ва аннотация тузишда эгаллаган кўникмаларни қўллаши керак;
ўзининг ўқув ҳаракатига мақсад қўйиб, уни амалга оширишни режалаштириб, ташкил эта олиши керак;
ўз юртининг тарихи билан маънавий асосини, урф-одатини, санъати билан адабиётини қиммат хазина, баҳосиз маданий қадрият сифатида баҳолаб фойдалана олиши керак;
ўрганилган асар юзасидан берилган савол ва топшириқларга атрофлича жавоб беришда олган билимларини қўллай олиши керак;
ўзбек адабиётининг жаҳон халқлари адабиёти билан, шу билан бирга, тарих, маданият, этнография, жамият билан алоқасини тушуна олиши ва амалда қўллай олиши керак;
бадиий адабиёт ҳақидаги илмий-танқидий мақолаларни ўқиб, ўрганиб, уларни таҳлил жараёнига татбиқ этишда олган билим ва малакаларини қўллай олиши керак;
зарур ахборотларни мустақил излаб, таҳлил қила олиши, уни умумлаштириб бошқаларга тушунарли тарзда етказа олиши керак;
адабиётшуносликдаги атамалар луғатлари ва қомусларини ўз фаолиятида қўллай олиши керак.
 
10.09.2015 09:41